АҚШда ишланган “Homeland” (“Ватан”) сериали 5-мавсумининг якунловчи қисми турк томошабинларининг эътирозига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Independent нашри.

Ундаги бир эпизодда АҚШдан Туркияга ўлим жазосига маҳкум қилиниши эҳтимоли билан депортация қилиниши мумкин бўлган аёл қаҳрамон ҳақида сўзланган.

“Эҳ, “Ватан”, Туркия 11 йил аввал ўлим жазосини бекор қилган. Бу сизга Техас эмас”, деб эътироз билдирмоқда Истамбулдаги Kebab and Camel сайти ўзининг твиттердаги аккаунтида.

“Улар “Ярим тунги экспресс” фильмидан бери маълумотларни текширишмаганов”, деб ёзмоқда яна бир фойдаланувчи.

1978 йилда ишланган бу фильмда АҚШ фуқароси майда қоидабузарлик учун Туркияда катта муддатли қамоқ жазосига маҳкум қилинади.

Сериалнинг 5-мавсумидаги, 2015 йил октябрда намойиш қилинган бир сериясида томошабинлар арабчада граффити усулида ёзилган “Ватан – ирқчи сериал”, “Ватан – бу ҳазил, бироқ бизга кулгили эмас”, деган ёзувни кўришган.

Шу тариқа суратга олиш гуруҳи томонидан сериал учун декорациялар яратиш мақсадида ёлланган араб кўча рассомлари ушбу сериалга ўз муносабатларини билдиришган. Уларнинг фикрича, сериалда араб олами ва ислом салбий томондан кўрсатилган.

“Ватан” сериали Исроилда ишланган “Ҳарбий асирлар” телесериали асосида яратилган. Сериалнинг биринчи мавсуми 2011 йилда намойиш қилинган. Сериалнинг бош қаҳрамонлари – АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари денгиз пиёдаси сержанти Николас Броуди (Дэмиэн Льюис ижросида) ва МРБ зобити Кэрри Мэтисон (Клэр Дэйнс ижросида).