Барак Обама АҚШ президентига айланганидан буён мамлакатда христианлар сони 5 фоизга камайган. Бу ҳақда Gallup тадқиқотларига асосланган ҳолда Politico нашри хабар тарқатган.

Қайд этилишича, 2008 йилда америкаликларнинг 80 фоизи ўзини чин христиан сифатида ҳисобларди. Айни вақтда бундай тоифадагилар сони 75 фоизга тушиб қолган.

Лекин бу аҳоли вакилларининг бошқа динга эътиқод қила бошлаши билан боғлиқ эмас. 2008 йилда мамлакат аҳолисининг 14,6 фоизи ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини билдирган бўлса, эндиликда бундайлар сони 19,6 фоизни ташкил этади.

Сўровномада маълум бўлишича, ёш америкаликлар орасида динга эътиборсизлик ҳолатлари ортмоқда. 18 ёшдан 29 ёшгача бўлганларнинг атиги 62 фоизи ўзини христиан деб билади. 50 ёшдан ошганлар орасида бу кўрсаткич 80 фоизни кўрсатади.

Нашрнинг ёзишича, АҚШда бошқа динларга эътиқод қилувчилар миқдори бўйича кўрсаткичлар кейинги 7 йил ичида ўзгармаган ва 5 фоизлигича қолмоқда.

Бундан олдинроқ, Барак ва Мишель Обама Рождество кунида террорчилардан жабрланган христианлар ҳаққига ибодат қилганди.