2015 йилнинг 21 декабридан бошлаб “Ўзбекистон республика товар хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти томонидан суюлтирилган газ бўйича биржа савдоларида иштирок этувчилар учун қўшимча қулайликлар яратилди. Бу ҳақда «ЎзРТХБ» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, биржа мутахассислари томонидан «ЎзРТХБ» АЖ ва “Ўздавнефтгазинспекция» ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича электрон тизими (модуль) ишлаб чиқилиб, амалиётган жорий этилди. Мазкур дастурий таъминот тузилган биржа битимлари юзасидан суюлтирилган газ сотиб олувчиларининг лицензиясини биржанинг савдо якунлари реестри билан автоматик тартибда текшириш ва солиштириш имконини беради.

Илгари суюлтирилган газ сотиб олиш бўйича биржа савдоларида иштирок этадиган мижозлар биржага автомобилларга газ қуйиш станцияси (АГҚС) орқали суюлтирилган газ сотиш ҳақидаги лицензиянинг нусхасини (қоғоз шаклида) тақдим этишлари лозим эди.

Биржа савдоларида суюлтирилган газ харидорлари учун соддалаштирилган бу тартиб брокер ва уларнинг мижозларига операцион харажатларни камайтириш, биржага тақдим этилаётган лицензия тўғрисида маълумотларни тезкорлигини ошириш ва ҳаққонийлигини таъминлаш, ҳамда «ЎзРТХБ» АЖ маклериат иш жараёнини мақбуллаштириш имконини беради.

Маълумот: “ЎзРТХБ» биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш тартиби” тўғрисидаги (Адлия Вазирлиги томонидан №2508 рақам билан рўйхатга олинган 17.09.2013й.даги) Низомга асосан биржа савдоларида суюлтирилган газни тегишли лицензиялар (Автомобилларга газ қуйиш станцияси (АГҚС) орқали суюлтирилган углеводород газни сотиш учун бериладиган ВМ лицензияси) асосида қайта сотиш учун харид қилувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар биржада суюлтирилган газ харидорлари ҳисобланади.