001 рақамли шасси асосида бунёд этилган Pagani Huayra суперкарининг ноёб нусхаси савдога қўйилди. Саудия Арабистонида турган автомобилнинг савдосини Seven Car Lounge компанияси амалга оширмоқда.

Автомобиль 2013 йилда ишлаб чиқарилган. Айни пайтгача суперкар 3600 километр масофани босиб ўтган. Pagani Huayra`нинг биринчи нусхаси нархи фақатгина лаёқатли харидорга маълум қилинади.

Pagani Huayra Registry маълумотига кўра, суперкар Қатарнинг номи ошкор қилинмаган фуқаросига тегишли эди. Кейин эса Pagani Automotive мулкига айланди. Ушбу автомобилни бир неча маротаба Лондон ва Италияда кўришган.
Huayra`нинг умумий адади 100тани ташкил этади. Уларнинг барчаси 2015 йил аввалига қадар сотиб бўлинган.

Pagani суперкари Mercedes-AMG томонидан ишлаб чиқилган олти литр ҳажмли бензин билан ҳаракатланувчи V12 турбомотори билан таъминланган. Агрегатнинг қуввати 700 от кучига тенг бўлиб, қўзғалиш жойидан 100 километр тезликка эришиши учун 3,3 сония талаб қилинади. Моделнинг энг юқори тезлиги соатига 370 километрдан иборат.

Икки эшикли автомобиль 2011 йилда намойиш қилинган. Янги суперкарнинг қиймати 2 миллион доллар атрофида.