Тошкент шаҳридаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари М.Алиев, халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори Э.Искандаров, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон президентининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўтган йилларда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан 1922 спорт иншооти, 283 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 96 сузиш ҳавзаси қурилиб фойдаланишга топширилган. 2015 йилда 221 спорт иншоотида қурилиш, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилган.

Шу билан бирга, 2004-2012 йилларда фойдаланишга топширилган болалар спорти иншоотлари, спорт заллари ва сузиш ҳавзалари қайта жиҳозлаш учун 86 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминланган.

Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. 2014 йилда спорт билан шуғулланувчи 6-15 ёшли болалар қамрови 2013 йил билан таққослаганда 43,7 фоиздан 55,8 фоизга, шу жумладан, қизлар сони 39 фоиздан 45,7 фоизга ортган.

Ўғил-қизларда спортга қизиқишни оширишда жойларда ўтказиладиган спорт мусобақаларининг аҳамияти беқиёс. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим тизимида жорий қилинган уч босқичли узлуксиз спорт ўйинлари – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Жорий йилда жамғарманинг минтақавий филиаллари томонидан спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида 9898 спорт мусобақаси ташкил этилиб, уларда 2 миллиондан ортиқ ўғил-қизнинг иштироки таъминланди.

Кўргазмада мамлакатимиздаги спорт мажмуаларининг фаолияти, уларда яратилган қулай шарт-шароитлар, ўғил-қизларнинг турли нуфузли мусобақалардаги муваффақияти суратларда акс эттирилган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган спорт анжомлари, ёшларимизнинг мусобақаларда қўлга киритган кубок ва медаллари экспозициядан ўрин олган.

Мамлакатимиз ёшлари халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. Шу кунга қадар 484 халқаро спорт тадбирларида 5357 ўғил-қиз иштирок этиб, 714 олтин, 530 кумуш ва 635 бронза, жами 1879 медални қўлга киритди.

2015 йилда спортчиларимиз Италия, Франция, Германия, Португалия, Греция, Босния ва Герцеговина, Чехия, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Индонезия, Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Грузия, Қозоғистон, Болгария, Таиланд каби йигирмадан зиёд давлатда бўлиб ўтган нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, 138 олтин, 79 кумуш, 90 бронза, жами 307 медалга сазовор бўлди.

– Мазкур экспозиция мамлакатимиз спорти салоҳиятини, фарзандларимизнинг бугунги ҳаёти, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун яратилган шарт-шароитларни кенг намоён этмоқда, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари А.Бобонов. – Зеро, юртимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар ёшларимиз келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Жамғарманинг асосий мақсади ҳам ўғил-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳрида таълим олаётган 20 спортчи қизга Президентимиз совғаси – миллий ва замонавий дизайн асосида тайёрланган спорт кийимлари топширилди. Шунингдек, 2015 йилда ўтказилган Осиё ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган 39 ёш спортчи, спорт федерациялари вакиллари, соҳа мутахассислари Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан рағбатлантирилди.