Ироқлик ҳарбийлар Рамади шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилиш бўйича ўтказилган операцияда ИШИДнинг молия вазири мажбуриятини бажарган жангарини қўлга олишди. Бу ҳақда Ироқ ҳарбий қўмондонлиги вакилларига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, шаҳар аҳолиси хавфсизлик кучларига молия вазири деб аталган жангари жангарилар тор-мор қилингандан кейин қочишга урингани ва шаҳарда яшириниб юрганини айтишган. Шундан кейин уни қўлга олишга муваффақ бўлинган.

28 декабрда ироқлик ҳарбийлар Рамадини ИШИД жангариларидан озод қилинганини маълум қилишди. Кейинроқ шаҳарнинг бир қисми ҳали ҳам жангарилар назоратида қолаётгани маълум бўлди.

Бундан 3 кун аввал Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Рамадини озод қилиш бўйича операция якунлангандан кейин ироқлик ҳарбийлар мамлакатнинг йириклиги бўйича 2-рақамли шаҳари – Мосўлни озод қилишга йўл олишларини маълум қилди. Мутахассисларнинг фикрича, агар Мосўл озод этилса, ИШИД амалда Ироқдаги барча мавқеини йўқотади ва катта молиявий талофатлар кўради.