Ўзбекистон Республикаси президентининг “Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Бюджетининг 2016 йилги параметрлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Республика йўл жамғармасига автотранспорт воситалари харид қилиш ва Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш учун йиғимлар ставкалари ўзгартирилди.

Norma.uz сайтининг ёзишича, маъмурий бошқарув ва йиғимларни тўплашни осонлаштириш мақсадида эксплуатацияда бўлган автотранспорт воситалари бўйича адвалор ставкалар бекор қилинган, шунингдек, фақат янги автотранспорт воситалари харид қилинганда ундириладиган 3 фоизлик ягона адвалор ставка белгилаб берилган.

Яъни, янги автомобиллар учун қийматидан йўл фондига ажратма 3 фоизлигича қолган (от кучига нисбатан критерия бекор бўлган).

Эски автомобилни сотиб олишда йилига қараб йўл фондига тўлов от кучига нисбатан +1%/+2%/+1% кўпайган.

Маълумот учун, илгари 3 фоизлик йўл фондига тўлов Ўзбекистон, Украина ва Россия автомашиналари учунгина эди, энди қаерда ишлаб чиқарилганидан қатъи назар. Бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган автомобиллар учун илгари йўл фондига тўлов 6 фоиз эди.

Шу билан бир пайтда мототранспорт бўйича йиғимлар жорий этилди.