Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 20 ноябрдаги Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисмида замонавий турар жойлар барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ шаҳарнинг ушбу ҳудудида жойлашган, 5-6 оила бирга истиқомат қилаётган тор, эски ҳовлилар ўрнида замонавий қулайликларга эга кўп қаватли муҳташам уйлар барпо этилиши давом этмоқда. Бугунги кунга келиб тайёр бўлган уйларга кўчиб ўтганлар янги йил байрамини янги уйларда кутиб оладиган бўлишди.

"29 декабрь куни ушбу янги уйларга кўчиб кирган оилалар учун ташкил этилган Янги йил байрами тадбири уй тўйларига уланиб кетди", дея хабар қилади УзА мухбири.

"Бугунги кунда шундай уйларнинг 15 таси фойдаланишга топширилиб, уларда 414 оила истиқомат қилмоқда. Уларга қараб ҳар қандай одамнинг ҳаваси келиши, шундай яратувчан, бунёдкор юрт фарзанди эканидан қалби ғурурга тўлиши, инсон омили устувор бўлган бугунги дориломон ва ёруғ кунларимизга шукроналар айтиши, истиқлол ато этган бебаҳо неъматларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши табиий", дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда 2016 йил учун мўлжалланган уйларнинг қурилиши олиб борилмоқда. 2016 йилда 20 замонавий уй қурилиб битказилиши кўзда тутилган.