Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан келишув асосида АҚШнинг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Элчи сафари давомида "Навоий" халқаро аэропорти ҳамда Эркин саноат-индустриал зона билан танишди. У Навоий вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан ҳам учрашув ўтказган.
Сафар ташкилотчилари элчининг Сармишсой дарасига ташрифини ҳам уюштиришган.

Сафарнинг якуний босқичида Навоий давлат педагогика университети ректори, олийгоҳ ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ўтказилган. Ёшлар у билан инглиз тилида шаҳар ва университет таълими мавзусида суҳбат қуришган. Элчи ўзининг сафари давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашган. Талабалар элчига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишган. Учрашув сўнггида Памела хонимга Навоий шаҳри ҳақидаги китоб ва навоийликларнинг миллий либосини совға қилишган.