Навоий вилоятининг Конимех туманида одамлар кўчага, хашаклар устига ташлаб кетилган янги туғилган гўдакни топиб олишди. Бу ҳақда “Постда” газетаси ёзмоқда.

“Чақалоқ ва ундаги кийимлар унинг бундан бир неча кун олдин туғилганини ҳамда туғуруқхонада йўргакланганини англатиб турарди, - дейди туман ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси катта лейтенант Бобур Ражабов. – Шу сабабли дастлабки суриштирувни воқеа содир бўлган куни туман туғуруқхонасидан кимларга уйига кетишга рухсат берилганини аниқлашдан бошладик”.

Аниқланишича, ўша куни туғуруқхонадан Жақсигул исмли аёл чиқарилган. У Қозоғистон фуқаролигини қабул қилганига қарамай, отасининг уйида яшаб келаётгани маълум бўлган. ИИБ ходимлари унинг уйига бориб, суриштирганларида, аёл барини тан олган.

Маълум бўлишича, Жақсигул Серик исмли йигитга турмушга чиқиб, Қозоғистонга кўчиб кетган. Лекин бир муддатдан сўнг ажрашиб, яна ўз уйига қайтиб келган. Ўша пайтда у иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Бу орада унинг оғир касал бўлган онаси вафот этган. Кўзи ёриган аёл икки фарзандини қандай боқиши ва ўзи қандай ҳаёт кечиришини била олмай, гўдакни кўчага ташлаб кетишга қарор қилган.
Жақсигул терговда “чақалоғимни ўлдириш мақсадим йўқ эди, уни бирор киши топиб олишига умид қилгандим”, деб таъкидлади.