Қирғизистондаги кўплаб қишлоқлар ўзларини алкоголдан ҳоли ҳудуд деб эълон қилишди. Бу ҳақда Central Asia Online нашри хабар бермоқда.

Ҳозирча қанча қишлоқ аҳолиси мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаётгани маълум эмас. Чунки бу таклиф тўсатдан пайдо бўлди ва кундан-кунга тарқалиб бормоқда.

Масалан, 9 декабрь куни Норин туманидаги Бирлик қишлоғи ёшлари ўз қишлоғида спиртли ичимликлар сотишни тақиқлашни таклиф қилиб чиқишди. Қишлоқнинг бошқа аҳолиси ҳам бу ташаббусни қизғин қарши олди. Маҳаллий етакчилар Бирликдаги тўртта савдо дўкони хўжайинини спиртли ичимлик сотмасликка кўндиришди.

Орадан бир оз фурсат ўтиб, Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги тўртта қишлоқ ҳам ўзини алкоголдан ҳоли ҳудуд деб эълон қилди.
“Бу бутунлигича бизнинг ташаббусимиз, - дейди тўрт қишлоқдан бирининг фуқароси Канатбек Турарбердиев. – Бизнинг одамлар ичишни билишмайди... улар қарзга ботиб кетишади”. Унинг айтишича, айримлар пули бўлмаса ҳам қарзга сотиб олиб ичаверади, натижада уларни тўлашга имкони бўлмайди.

Айни пайтда алкоголдан ҳоли деб эълон қилинган аксарият қишлоқлар Қирғизистоннинг Ўш, Норин ва Чуй вилоятларида жойлашган.