АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод бўлган миллиардер Дональд Трамп мамлакатнинг амалдаги президенти, Демократлар партияси вакили бўлмиш Барак Обамани дунёга ва Қўшма штатларга терроризм таҳдид солиб турган бир вақтда "Юлдузлар жанги" фильмининг янги қисмини томоша қилиш билан банд бўлгани учун танқид қилиб чиқди. У бу ҳодисага муносабатини ўз инстаграмига жойлаштирилган видеода ифода қилган.

"Биз жиддий уруш ҳолатидамиз. Бизнинг президентимиз эса бошқа бир иш билан банд бўлиб қолдилар", дейди Трамп видеода.

Роликда Обаманинг 18 декабрь кунги чиқишидан бир парча ҳам келтирилган.
"Мен "Юлдузлар жанги" фильми премьерасига улгуришим керак", дейди унда Обама.

Видеода Трамп номидан АҚШ "ҳақиқий президентга муҳтожлиги"ни, "мамлакатга ҳақиқий етакчи сайлаш фурсати келгани"ни таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, видеода Сан-Бернардино теракти ижрочилари қалбаки Сурия паспортларидан фойдалангани ҳақида лавҳа жой олган.

Бундан олдинроқ, Оқ уй расмий вакили Жош Эрнест “Юлдузлар жанги” фильмидаги империя аскарлари билан суратга тушгани тўғрисида хабар берилганди.