31 январь куни Сурия пойтахти Дамашқда юз берган терактлар қурбонлари сони 76 нафарга етди, яна 110 киши яраланган ҳолда шифохонада қолмоқда. Бу ҳақда Сурия ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга асосланиб, CCTV телеканали хабар қилган.

Охирги хабарларда қурбонлар сони 60 нафар атрофида экани айтилганди.

Бундан олдинроқ, Сурия ТИВ бу теракт Женевадаги музокараларга қарши амалга оширилгани ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 31 январь, якшанба куни Дамашқдаги шиаларнинг Саида Зайнаб номли маҳалласида учта портлаш юз берди. Террорчилар автомашинага ўрнатилган портловчи қурилмани масофадан туриб ҳаракатга келтиришган ва биринчи терактни содир этган. Бу вақтда яна бир террорчи-худкуш ўзини йўловчи автобусида портлатиб юборган. Бир неча дақиқадан кейин, бу ҳолат бошқа нуқтада такрорланган.

Бу терактлар учун жавобгарликни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олган.