Сўнгги 25 йил давомида урушлар, инқилоблар, қотиллик ва порахўрлик мавзуларини ёритиш билан шуғулланган энг камида 3 минг нафар журналист ҳаётига суииқасд қилинган, дея ёзмоқда The Independent.

Журналистлар халқаро федерацияси ҳисоботида келтирилишича, журналистлар билан боғлиқ вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Агарда 1990 1илда 40та қотиллик қайд этилган бўлса, 2010 йилдан буён улар сони 100тадан пастлагани йўқ. Қайд этилишича, 155 нафар ОАВ ходими ўлдирилган 2006 йил мазкур статистика юритилаётган даврдан буён энг ёмони бўлди.

Журналистлар халқаро федерацияси бош котиби Энтони Белленжернинг қайд этишича, ҳар ўнта ҳолатнинг биттасигина тергов қилинмоқда. Шу боис Белленжер қотилларни ҳимоя қилаётган жазосизликни тўхтатишга чақирди.

Бугунга қадар Ироқ журналистлар учун энг хавфли давлат бўлиб турибди. Ушбу мамлакатда 25 йил ичида 309 нафар ОАВ ходими вафот этди. Иккинчи ўринда эса Филиппин хизмат вақтида ҳаётдан кўз юмган 146 журналист билан тилга олинган. Учинчи ўринни эса Мексика (120 қотиллик) банд этган.