Жиззах вилоят ҳокимининг қуёнлар етиштириш ҳамда соҳани замонавий саноат усулида ривожлантириш, аҳоли, ихтисослашган агрофирмалар, хўжаликларда маҳсулотларни сақловчи, қайта ишловчи ва харидор ўртасида узвий боғлиқ тизим яратиш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ амалиётларни ҳамда пул айланмаларини тижорат банклари орқали амалга оширишни ташкил этиш мақсадида қарори қабул қилинди.

Қарорда қуёнчилик соҳасини ривожлантириш ва саноат усулидаги қуёнчилик агрофирмалари ёки хўжаликларини ташкил қилиш мақсадида “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Жиззах вилоят филиали ва “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Жиззах вилоят филиали масъул қилиб бириктирилган.

Соҳани ривожлантиришга масъул бўлган мутахассисларга жорий йилда вилоятда 400 бош қуёнга мўлжалланган қуёнчилик агрофирмасини ташкил қилиш, белгиланган муддатларда ушбу агрофирма низомини тасдиқлаш ва ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш, ташкил қилинган қуёнчилик агрофирмасига чет элдан 400 бош зотдор қуёнларни ва қуён боқиш ускуналарини олиб келиш, агрофирмалар томонидан 2016 йил давомида қуёнлар сонини 151 минг бошга кўпайтирилиши, 113 тоннадан ортиқ қуён гўшти ва 47,2 минг дона қуён териси етказиб бериш каби вазифалар белгилаб берилган.

Айни пайтда Жиззах туманида қуёнчилик агрофирмаси ёки хўжаликларига 15 минг бош қуёнлар учун 54 тонна маккажўғори, 54 тонна буғдой, 219 тонна арпа, 136 тонна сабзи, 825 тонна карам ва 273 тонна беда озуқаларини етиштириш учун зарур 40 гектаргача сувли экин ер майдони ажратилади.

 

Акмал Бинокулов, Kun.uz жамоатчи мухбири,
Жиззах вилояти