Абу-Дабидаги АҚШ ва БАА мутасадди раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ИШИД террористик ташкилотининг Ироқ ва Сурия чегараларидан ташқарига тарқалишини тўхтатиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда АҚШ томонидан президент Барак Обаманинг терроризмга қарши кураш масалалари бўйича ёрдамчиси Лиза Монако, иккинчи тарафдан эса БАА хавфсизлик органлари раҳбари, Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Заид ал-Нахайян иштирок этди.

Оқ уй маълумотига кўра, музокаралар жараёнида Саудия Арабистони яриморолида ИШИД ва “ал-Қоида”ни кучсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича эътиборни кучайтириш ва минтақада хавфсизликка оид бошқа масалалар бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳокама қилинди.

Бунда томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш шартлари ва терроризмга қарши курашиш, разведка маълумотларини алмашиш миқёсини кенгайтиришга келишиб олишди.