Қримнинг Украина таркибига қайтарилиши Россияга қарши санкцияларнинг бекор қилинишидаги асосий шартлардан биридир. Бу Европарламентнинг Страсбургдаги пленар сессиясида қабул қилинган резолюциясида белгилаб берилди.

“Россия Федерацияси билан муносабатларнинг тикланиши, шу жумладан, санкцияларнинг бекор қилинишидаги асосий шартлардан бири ярим орол устидан Украинанинг назорати қайта тикланиши бўлади”, - дейилади резолюция матнида.

Ҳужжат мажбурий эмас, балки тавсия характерига эга эканлиги таъкидланмоқда.
Резолюцияда, шунингдек, қрим татарларига нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилиши кескин қораланди.

“Россия бутун аҳолининг хавфсизлиги, инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, шу жумладан, маҳаллий аҳоли бўлмиш татарлар ҳамда Қримнинг бошқа миллий озчиликларининг маданий ва диний ҳуқуқлари кафолатланиши, Қримда ҳуқуқ-тартиботни асраш учун жавобгардир”, - таъкидланади ҳужжат матнида.