Нью-Йоркда 39-маротаба Эмпайр-стейт-билдинг осмонўпар биноси тепасига 1576та зинапояни босиб ўтган ҳолда югуриб чиқиш мусобақаси уюштирилди. Мазкур мусобақада жами бўлиб 200 иштирокчи қатнашди, дея хабар қилди New York Daily News.

Мусобақа машҳур бинонинг холлидан бошланиб, 320 метр баландликда жойлашган 86- қаватдаги томоша майдончасида тугалланди.

“Бу фантастика эди. Мен энг юқорига етиб борганимда бутун Нью-Йоркни кўра олар эдим”, - деди беллашув ғолиби Даррен Уилсон. 41 ёшли Уилсон 10 ярим дақиқа ичида белгиланган масофани босиб ўтди. Австралиянинг Аделаида шаҳридаги ўт ўчириш хизмати ходими бўлган Уилсон мусобақада иштирок этиш учун 30 соат давомида парвоз қилиб келди.

Аёллар ўртасида эса Сьюзи Уолшем ғолиб чиқди. У масофани 12 дақиқа 19 сония ичида босиб ўтди. Бу Уолшемнинг Эмпайр-стейт-билдинг мусобақаларидаги еттинчи ютуғи.