АҚШ президенти Барак Обама 3 февраль куни Балтимор шаҳридаги асосий масжидга ташриф буюрди. Бу ташриф унинг 8 йиллик президентлиги даврида АҚШдаги масжидларга қилган илк ташрифи бўлди.

"Биз оғир замонда яшамоқдамиз. Мусулмонлар ҳам дунёдаги бошқа динлар вакиллари каби терроризм таҳдиди остида қолган. Биз қайғуингизга шерикмиз. Сизнинг жамиятингиз террорчилар ислом дини номидан ҳаракатланиши туфайли 2 баробар жабр чекмоқда. Шу туфайли мамлакатдаги баъзи тоифалар сизнинг жамиятингизга айрича муносабат кўрсатишмоқда, бу эса жуда оғриқли муаммодир", деган у ўз чиқишида.

Кун аввалида Обама Америка мусулмонлари жамияти раҳбарлари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашган, унда АҚШдаги жамоат арбоблари, шифокорлар, талабалар, Қуръон билимдонлари ҳам иштирок этганди.

Қайд этиш керакки, Обама хорижий сафарлар вақтида бир неча масжидларга ташриф буюрган, бироқ у АҚШда бу ишни илк марта амалга оширди.

Маълумот учун, Балтимордаги мусулмон жамияти АҚШдаги энг йириги ҳисобланади. Шаҳарда ислом динига эътиқод қилувчи минглаб оилалар яшайди. Обаманинг масжидга ташрифи жорий президентлик кампаниясида аксилисломий чиқишларнинг кўпайгани билан боғланган.