Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Суриядаги ҳаракатларини оккупацион характерда деб ҳисоблашини айтди. Anadolu агентлигининг маълум қилишича, Эрдўған шундай фикрни Сенегалдаги сафари давомида журналистлар олдида сўзлаган нутқида билдириб ўтди.

Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков Анқара Сурияга ҳужум қилишга тайёрланаётган бўлиши мумкин, деб айтганди. Унинг бу сўзларига жавобан Эрдўған "Россиянинг бундай ёндашуви кулги қистатади", деб айтди.

"Аввал Россия Сурияда ўлдирган одамлар учун жавоб бериши керак. Башар Асад тузуми билан ҳамкорликда Сурияда ўлдирилган одамлар сони айни вақтда 400 мингга етди. Россия Сурияда истило билан шуғулланмоқда", деб таъкидламоқда Эрдўған.

Эрдўғаннинг фикрича, Россиянинг Тартусда денгиз базаси, Латақияда авиабазасининг мавжудлиги Асад учун "митти давлат" яратишга уринишидан дарак беради. "Асаднинг Суриядаги вақти тугади", деб айтмоқда Эрдўған.

"Даиш (ИШИДнинг арабча номи) ва бошқа гуруҳлар Сурияни аллақачон бўлишиб олган. Туркия борасида гапирадиган бўлсак, у хавф остида турибди", демоқда Эрдўған ва Туркия Сурия билан 911 км лик чегарага эга эканлигини ва ҳозирда Туркияга яна қочқинлар кўплаб келаётганини эслатиб ўтди.

"Россиянинг Сурия билан чегараси борми, Эронни-чи? Улар Асад уларни чақирганини айтмоқдалар. Ҳамма таклифларни ҳам қабул қилавериш жоиз эмас, чунки Сурияда давлат террорчилиги билан шуғулланувчи Асад бор. Ва уни қўллаб-қувватлаётганлар унинг жиноятлари учун бирдек жавобгар бўладилар", деб айтди Эрдўған.

"Туркия Сурияда ҳарбий операция ўтказиш ёки унга бостириб киришни режалаштирмаяпти ва ўйламаяпти ҳам. Туркия коалиция таркибига киради, ўз иттифоқчилари билан биргаликда ҳаракат қилади ва шу йўсинда давом этади. Аввал ҳам кўп маротаба айтганимиздек, Туркия ҳеч қачон бир ўзи ҳаракат қилмайди", деб ўз сўзини интиҳолади Эрдўған.