Катта бўлмаган ўлчамдаги учувчисиз ҳаво қурилмаси 4 февраль куни кечки пайт Нью-Йоркдаги энг машҳур осмонўпар бино бўлмиш 102 қаватли Empire State Building биносига келиб урилди. Бу ҳақда мегаполис полициясига асосланган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар берган.

Манбанинг сўзларига кўра, ушбу бинонинг 40-қаватига келиб урилиб, сўнг 35-қаватдаги майдончалардан бирига келиб тушган қурилманинг эгаси, Нью-Жерсида яшовчи йигит ҳибсга олинган. У бино қўриқчиларига қурилмани унга қайтаришларини сўраб таҳдид қилганида ходимлар уни полицияга топширган.

Маълумот учун, Empire State Building баландлиги бўйича Нью-Йорк мегаполисидаги учинчи ўринда, мамлакатда бешинчи ўринда турувчи осмонўпар бино ҳисобланади. 1976 йилдан бери шаҳарда муҳим маросимлар вақтида бинонинг юқори қисмини турли рангларга бўяш анъанага айланган.