«Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси «Сечанкўл, Оқжар ва Чимбой инвестиция блокларида геологик қидирув, шунингдек, Урга, Оқчалоқ ва Чандир гуруҳидаги конларда қазиш ишларини олиб бориш» инвестициявий лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар берилди.

Лойиҳа хорижий инвестициялар иштирокида тенглик шароитларида қўшма корхона ташкил қилиш йўли билан амалга оширилади. Қўшма корхонани яратиш мақсадида хорижий инвестор танлов асосида аниқланади.

«Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси нефтгаз соҳасида замонавий ишлаш услубларига эга бўлган, инвестицион лойиҳани биргаликда амалга оширишдан манфаатдор нефтгаз компанияларини хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхона яратиш мақсадида чет эллик инвесторни танлаш учун ўтказиладиган танловда иштирок этишга таклиф қилади.

Ушбу лойиҳани биргаликда амалга оширишдан манфаатдор бўлган нефтгазкомпаниялари танловда қатнашиш учун расмий талабномани тақдим этишлари ва ўз компаниялари тўғрисидаги маълумотни илова қилишлари лозим.

Белгиланган муддатгача талабнома узатган иштирокчилар билан белгиланган тартибда махфийлик ҳақидаги битимлар тузилади. Махфийлик ҳақидаги битим тузилгандан сўнг танлов иштирокчиларига ўз таклифларини тайёрлаш ва тақдим этишлари учун белгиланган тартибда тегишли материаллар берилади.

Танловда иштирок этиш учун талабномалар 2016 йил 1 март куни тошкент вақти билан соат 17:00 гача қабул қилинади», дейилган хабарда.