Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин Россия самолёти билан юз берган навбатдаги воқеадан кейин президент Ражаб Тойиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путин билан боғлана олмаяпти, деб айтмоқда. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

"29 январда Россия навбатдаги марта Туркия ҳаво ҳудудини бузди. Бундан кейин президент Эрдўған Владимир Путин билан телефон орқали боғланишга уринмоқда, бироқ Россия жавоб бермаяпти", деб айтди Қалин.

Қалиннинг фикрича, бу ҳолат Россиянинг Анқара вазиятни Москва билан эмас, НАТОлик ҳамкорлари билан муҳокама қилаётгани ҳақида айтаётган гапларининг носамимийлигини яна бир бор исботлайди.

"Бир томондан Путин Эрдўған билан алоқага чиқишдан қочмоқда, бошқа томондан "биз билан ҳеч ким боғланмади", демоқда", деб айтди Қалин.

Қалин, шунингдек, Женевадаги Сурия бўйича музокараларга изоҳ берди. Унинг айтишича, Москва "ўзининг тажовузкор ҳаракатлари билан Суриядаги амалдаги тузум билан муҳолифат ўртасида музокаралар ўтказилишининг мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига қўйди". Қалиннинг фикрича, Россия ҳарбий-коинот кучларининг асосий вазифаси террорчиларни бартараф этиш эмас, балки Башар Асад тузумини ҳимоя қилишдан иборат.