Америкалик она ўзининг эгизак қизлари билан тушган суратини интернетга жойлаштиргач, бу сурат машҳурлашиб кетди. Январь ойининг охирида Кейлан Махомс Twitter тармоғидаги аккаунтидан оилавий суратни жойлаштирган ва унга "Ойим, эгизагим ва мен", дея изоҳ қолдирганди. Фойдаланувчилар улардан қайси бири она, қайсилари унинг қизлари эканини аниқлай олишмаяпти.

Айни вақтгача бу твит 45 мингдан зиёд "лайк" тўплашга улгурди. Шунингдек, бу твит 25 минг мартадан зиёд ретвит қилинган.

CNN хабарида тахмин қилинишича, охир-оқибат бу суратдагилар эгизак бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

"Уларнинг учаласи ҳам эгизакка ўхшайди. Воқеалар ривожини кузатамиз", дейилади хабарда.

Бу хабарда фойдаланувчилар суратдагилардан қай бири она эканлиги устида бош қотираётгани ва ҳалигача буни аниқлашнинг имкони бўлмаганига эътибор қаратилган.

New York Daily News нашрида эса бу сурат ўтган йилнинг шу вақтида "кўйлакларнинг қайси бири қайси рангда экани" ҳақидаги мунозаралардан кейин шу кўламда муҳокама қилинган иккинчи сурат бўлгани айтилмоқда.

Индианаполисда яшовчи бу оила Twitter тармоғида тўсатдан бу қадар машҳур бўлиб кетганидан кейин Instagram тармоғида ҳам саҳифа очган. Бу саҳифага ҳам шу учлик иштирокидаги видео жойлаштирилган ва бу ерда ҳам бу учликдан ким эгизакларнинг онаси эканлигини тахмин қилиш бўйича мунозаралар давом этган.

Бу видеода уларнинг учаласи ҳам кулади, фақат энг охирги бўлиб чапдаги хоним кулишни бошлайди. Айнан охирги бўлиб кулишни бошлагани Кейлан ва Кайланинг онаси экани тахмин қилинган.