Хитойнинг йирик шаҳарларида маҳаллий ой тақвими бўйича кириб келадиган Янги йил байрамини нишонлаш вақтида мушакбозлик уюштириш тақиқланди. Bloomberg агентлиги хабарига кўра, бу қарор атроф-муҳит ифлосланиши олдини олиш борасидаги ҳаракатлар билан боғлиқ.

Шанхай полицияси бу қоидага риоя этмаганларга 500 юань (76 доллар) миқдорида жарима қўлланиши ҳақида маълум қилган. Худди шундай қоида Нанкин ва Ханчжоу шаҳарларида ҳамда Цзянсу ва Чжэцзян вилоятларида ҳам жорий этилган. Пекинда эса ҳозирча байрам мушакбозликларига тақиқ киритилмаган, лекин меъёрлар белгилаб қўйилган.

Хитойда кейинги вақтларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси кучаймоқда. Бунга мамлакатда қиш мавсумида уйларни иситиш ва саноатда кўмир маҳсулотлари кўп миқдорда ёқилиши сабаб ҳисобланади. Шунингдек, кейинги вақтларда байрамлардаги мушакбозлик туфайли бир қатор фожиали ҳодисалар кузатилгани ҳам бунга сабаб.

Маълумот учун, 2016 йилда хитойликларнинг Янги йили 8 февраль куни кириб келади. Байрам тантаналари 7 февраль куни бошланади ва бир ҳафта дам олиш куни бўлади.

Бундан олдинроқ, Рим папаси Франциск хитойликларни Янги йил билан тарихда илк марта табриклагани хабар қилинганди.