Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Ёшғайрат маҳалласида яшовчи Ислом Ҳайитов тумандаги касб-ҳунар коллежи директори Холмўмин Маҳмудовнинг 2013 йил августида ишга қабул қилиш 100 доллар пора олганини мобил алоқа орқали овозли тарзда ёзиб олиб, прокуратурага мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат Бош прокуратура аралашуви билан ўрганилиб, ёзиб олинган овоз Х. Маҳмудовга дахлдорлиги аниқланган. Шундан сўнг Шўрчи туман прокуратураси томонидан амалдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини давом эттириш учун вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимига ўтказилган. Аммо 2015 йилнинг 11 май куни жиноий иш ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақида мурожаатчига жавоб хати юборилган. Бу жавоб хати ва олиб борилган тергов ишларининг натижасидан қониқмаган фуқаро Сурхондарё вилоят прокурори номига ариза ёзган. Лекин жавоб ололмай, “Даракчи” газетаси таҳририятига мурожаат қилган.

Нашр мутасаддилари аризани Бош прокуратурага йўналтирган. Унинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, адлия маслаҳатчиси Ш. Умурзаков томонидан аризани назоратга олиб юбориш ҳақида маълумот учун тақдим этилган жавоб таҳририятга йўлланган. Гарчи ушбу ҳолат юзасидан маълумот бериш санаси 28 январь қилиб белгиланган бўлса ҳам, мурожаат натижаси юзасидан таҳририятга ҳеч қандай жавоб тақдим этилмагани таъкидланмоқда.

“Биз Бош прокуратура маълумот учун тақдим этган жавоб хатидаги муддат ўтиб кетгани ва вилоят прокуратураси томонидан ҳали-ҳамон жавоб берилмагани сабабларини ўрганишга уриндик, - дейилади материалда. – Аммо ҳатто ижрочи кимлигини билишга эриша олмадик. Девонхона ходими бу ҳолат бўйича маълумот беришини айтди-ю, аммо сўзининг устидан чиқмади. Ўйлаймизки, Бош прокуратура ҳам вилоят прокуратурасининг бундай муносабатини жиддий назоратга олади”.