Швейцариянинг Лозанна шаҳри ҳокимияти "шовқинсиз" дискотекаларни улар кўп шовқинга сабаб бўлаётгани туфайли тақиқлаб қўйди, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Бундай дискотекалар бар ва бистроларнинг ясси томларида ўтказилган. Шовқинсиз дискотекаларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда мусиқа динамиклардан эмас, балки қулоқчинлардан (наушник) янграйди.

Бироқ маҳаллий аҳоли шовқиндан шикоят қилган. Хусусан, бунга дискотекага келганларнинг мунтазам равишда баланд овозда қўшиқ куйлашлари асосий сабаблардан бири бўлган.

Шовқинсиз дискотекалар ташкилотчиси Оливер Мейлан шаҳарда ёшлар орасида оммабоп бўлган тадбирлар йўқлигини айтган. Унинг айтишича, у бундай дискотекаларни Лозаннага қўшни шаҳарда ўтказганидан кейин уни Лозаннада ўтказмоқчи бўлганида, бар эгаларининг бу ғояни қўллаб-қувватлашига қарамасдан, Лозанна ҳокимияти унга буни амалга оширишга рухсат бермаган.