Сомали ҳукумати Могадишода А321 самолёти бортида бомба портлаганини тасдиқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида самолётда ҳосил бўлган тешикдан зарба кучидан учиб чиқиб кетган йўловчи портлашни амалга оширган террорчи-худкуш бўлган.

Асосий тахминга кўра, террорчилар самолётдаги барча йўловчиларни ўлдирмоқчи бўлган.

"Биз Daallo Airlines рейси бортида бомба портлаганини тасдиқлаймиз", деб айтди Сомали транспорт ва авиация вазири Али Аҳмад Жамак.

Daallo Airlines’нинг А321 самолётидаги портлаш у ҳавога кўтарилгандан кейин 15 дақиқа ўтиб содир бўлган. Портлаш оқибатида икки йўловчи жароҳат олган, яна бир йўловчи фюзеляжда ҳосил бўлган тешикдан ташқарига учиб чиқиб кетган. Айнан шу йўловчи террорчи-худкуш бўлгани айтилмоқда.

Самолёт экипажи лайнерни ҳавога кўтарилган аэропортига қўндиришга муваффақ бўлган. Теракт тафсилотлари тергов қилинмоқда.