Гулсанам Мамазоитова: “Ҳозирча 5 кун билан чекланаман...”

Маданият 08 Февраль 2016 4772

Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гулсанам Мамазоитова 9-13 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган “Мен сизни топгунимча” деб номланган жонли ижродаги концерт дастурига қизғин ва жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Беш кунлик ижодий “имтиҳон”нинг нақадар масъулиятли эканини яхши ҳис қилган хонанда учун ҳар дақиқа ғанимат. Шундай бўлса-да, оммавий ахборот воситалари учун ҳам вақт ажратмоқда. Темирйўлчилар маданият саройида бир соат кутиб қолганимизни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси кўнгилдагидек кечди. Ўн беш дақиқалик вақтдан фойдаланиб, белгиланган саволларимизнинг қарийб барчасига жавоб олдик, айримларига эса хонанда жавоб бермасликни лозим топди.

Гувоҳи бўлдик, концертга тайёргарлик авжида. Бу йилги репертуар, улардаги янги қўшиқлар, томошабинларга манзур бўладиган янгиликлар ҳақида айтсангиз. 

Санъаткор учун концерт жуда катта масъулият талаб қиладиган жараён. Жиддий тайёрланаяпмиз ва имкон қадар концерт билан боғлиқ барча жиҳатлар, репетициядан тортиб, журналистлар билан мулоқотгача улгуришга ҳаракат қилаяпмиз. Мақсад концертнинг ҳар томонлама савияли бўлишига эришиш.

Репертуар ҳақида гапирадиган бўлсак, у ранг-баранг мавзу ва турли йўналишларда: ватанпарварлик, оналар ва болалар, муҳаббат, садоқат ва ҳоказо. Нафақат миллий эстрада, балки классик йўналишдаги қўшиқларга ҳам урғу берилган. Мухлислар, умид қиламизки, зерикиб қолишмайди.

Хорижий тиллардаги қўшиқлар ҳам бўладими?

Бу йил ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, фақат ўзбек тилидаги қўшиқлар ижро этилади. Концертда мухлислар кўнглидан жой олган қўшиқларимдан тортиб, янги янги ижод намуналарини тақдим этамиз. Дастурнинг ярми аввалгилардан сараланган қўшиқлар бўлса, ярми янги асарлар.  

Жонли ижрода концерт беришнинг яхши ва қийин томонларига изоҳингиз?

Жонли ижронинг яхши томонлардан бири, мухлислар билан тўғридан-тўғри, жонли мулоқотда бўласиз. Юракдан чиқаётган садо, юракларга етиб боради. Қолаверса, жонли ижро санъаткорни чархлайди, ижро маҳоратининг ўсишига сабаб бўлади.

Қийин томони шундаки, ҳозирги совуқ об-ҳавода томоқнинг шамоллаши хавфи кучли. Чунки соатлаб ашула айтиб чиқиб, нафас йўлларини шамоллатиб қўйиш мумкин. Лекин овозни асраб, барчасини қоидаси билан бажаришга ҳаракат қилаяпмиз.     

Беш кунлик жонли ижродаги концерт. Агар жонли ижрода бўлмаганда ҳам шунча кун концерт берармидингиз?

Албатта. Ҳозирги ёшим ва даражамда мен учун етарли муддат. Балки, вақти келиб, маҳоратим ва имкониятим янада ортиб, устозларимиздек бир неча кунлаб концерт бериш ҳам насиб қилар?! Унгача шу билан чекланаман. 

Бу йилги концерт учун қайси шоирлар, бастакорлар, сайқал берувчилар билан ишлаяпсиз?

Бу йил ҳам доимий ҳамкорлар билан ишлаяпмиз. Бастакорлар Дилшод Аҳмадшо, Иқбол Муҳаммаджонов, Отабек Муҳаммадзоҳид, шоирлар Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Рислиғой Ҳотамова ва бошқа ижодкорларга мурожаат қилдик. Шу ўринда яна бир янгилик: концерт дастурида бу йилги янги “Баҳорим келгай” деб номланган аудиоальбомни ҳам мухлисларга тақдим этамиз.

Концертингиз шоирлар султони ҳазрат Алишер Навоийнинг туғилган кунида бошланади. Билишимизча, уларнинг ғазалига басталанган қўшиқ ҳам бўлади.

Албатта. Ўзбекистон халқ артисти, устозимиз Озодбек Назарбеков яхши ташаббус билан чиқди. Унинг бошчилигида бир неча ёш хонандалар ҳазрат Навоий ғазалларини ўз овоз имконияти, йўналишига қараб, қўшиқ қилиб айтдик. Менга ҳам шундай бахт насиб этди. Баҳони холис тингловчилар беришади.       

Нима деб ўйлайсиз, Гулсанам Отабек сингари акаси бўлмаганида, шундай даражага эриша олармиди?

Албатта, йўқ. Отабек Муҳаммадзоҳид менинг устозим, маслаҳатгўйим, тўғри йўл кўрсатувчи инсоним. Барча ютуқларимда уларнинг ҳиссаси бор. Акам бўлибгина қолмай, отам ўрнида кўраман. Уларни Яратганнинг менга берган инъоми, деб биламан.

Отабек Муҳаммадзоҳиднинг асл мухлислари Гулсанамникидан кўп, дейишади. Тўғрими шу?

Албатта, тўғри ва мен бундан фақат хурсандман. Бу уларнинг жигарим бўлгани учунгина эмас. Агар касбдошларимнинг мухлиси меникидан кўп бўлса, бундан фақат шодланаман. Чунки инсоннинг кўнгли тоза, нияти тўғри бўлса, ўзи хоҳлаган натижаларга эришади. Унинг атрофида ҳам яхши инсонлар кўп бўлади.      

Санъаткор одоби. Ёмон хулқи билан халқ орасида обрўсини йўқотган, миллий менталитет билан билан умуман ҳисоблашмайдиган қўшиқчиларга муносабатингиз?   

Тўғриси, ундайларга баҳо беришга ёшлик қиламан. Бироқ ҳар бир инсон ўз миллатининг анъналарини, қадриятларини, маданиятини яхши билиши ва ҳурматлаши шарт. Айниқса, доим эл эътиборида турадиган санъаткорлар.

Кўпинча санъаткорлар саҳнада бошқача қиёфа ёки образда, ҳаётда эса бошқача қиёфада бўлади. Иккаласини уйғунлаштира олиш мумкинми?

Албатта. Бу санъаткорнинг ўзига боғлиқ. Кўпинча мухлислар саҳнада кибрли кўринасиз, бироқ ҳаётда ундай эмассиз, дейишади. Бундан ҳурсанд бўламан. Саҳнада хушчақчақ бўлиб, ҳаётда эса кибрли бўлгандан шу яхши-ку.

Халк артисти унвони масъулияти эркин ижод килишга ҳалақит қилмайдими?

Халқ артисти унвони жуда катта эътироф ва шараф. Бундан фахрланаман. Бироқ масъулияти ҳам катта. Ўзимни тутишим, кийинишим, қўшиқларимга янада масъулият билан қарашга ундайди. Бу фақат ижобий ҳолат. Ёнимга юртимизни турли бурчакларидан “устозлик қилинг” деб келаётган ёш сингилларим, шогирдларимга ҳам шуни қаттиқ уқтираман.

Онам ҳам “Сен халқ кўз ўнгидаги инсонсан. Ўзингни доим чиройли тут, намунали бўл. Қалбингни тоза бўлсин ва мухлислар ҳам шунга қараб муомала қилишади”, деб кўп айтадилар.

Интернет ривожланиб, бундан барча бирдек фойдаланмоқда. Жумладан, санъакорлар ҳам бугун турли ижтимоий тармоқларда фаол. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

Ижобий муносабатдаман. Ким нима мақсадда фойдаланса, албатта шунга эришади. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Мен ҳам ўзим учун зарур бўлган нарсалар, масалан, мухлислар фикри, муносабати ва ижодий янгиликларим билан таништириб бориш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб тураман. Интернетга кириб, ҳатто унча-мунча фонотекаларда йўқ эски қўшиқларни ҳам топса бўлади. Қолаверса, дунё мусиқа оламида бўлаётган янгиликлар, иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар билан ҳам танишиб бораман. 

Гулсанам Мамазоитова санъатдан ташқари қайси касбни дўндирган бўларди?

Дизайнерлик. Турли либослар дизайнига қизиқиш кучли. Либосларимни ҳам ўзим саралаб, танлайман. Қўшиқча бўлмаганимда, эҳтимол, яхши дизайнер бўлармидим.

Тилаклар, истаклар... 

Юртимиз тинч бўлгани учун бугун юракка қўшиқ сиғаяпти, концертлар бераяпмиз. Доим тинчлик бўлсин! Жаннатмакон ўлкамизга ҳеч қачон кўз тегмасин!

P.S: Гулсанам Мамазоитова берилажак саволлар билан танишар экан, қуйидаги иккита саволга жавоб беришни истамади.

Майдоннинг ўртасидаги санъаткор барчанинг нигоҳида. Сиз ўзингиз ҳақингиздаги танқидий фикрларга доим танқид билан жавоб берасизми?

Мухлислар жуда қизиқишаяпти: “Фалончига унвон беринг” деган тўртликнинг нишони бормиди?

Интервьюнинг видеоформатдаги кўриниши

Кўпроқ янгиликлар