Ҳукумат қарори билан ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик банк – “Асака” банкининг бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов ишдан бўшатилди. Бу ҳақда РИА “Новости” агентлиги хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, унинг ўрнига бошқарув раисининг ўринбосари Рустам Қосимов вақтинча раҳбарликка тайинланди.

Айни пайтда банк раҳбарининг ишдан олингани тўғрисида расмий маълумот эълон қилингани йўқ.

“Асака” банки 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, банк кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон банк тизимида иккинчи поғонани эгаллайди. Унинг асосий фаолият йўналиши автомобиль соҳасини кредитлашдан иборат. Ўзбекистон Молия банки, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фонди, “Ўзавтосаноат” АЖ унинг асосий акциядорлари ҳисобланади.