“Огоҳ” газетасининг ёзишича, жорий йилнинг 23 январь куни бир неча ойдан бери кўча-кўйда аёллар сумкаси, тилла тақинчоқларини ўғирлаб, майда безорилик билан шуғулланиб, воқеа жойидан оқ рангли, давлат рақами бўлмаган “Spark” автомашинасида қочиб қолаётган шахслар қўлга олинган. 

Маълум бўлишича, 23 январь куни ППХБ 2-батальони 1-отряд ҳайдовчиси, сафдор Нодир Адилов ва тунги хизматга жалб этилган шериги—Олмазор ТИИБ ҲООБ профилактика инспектори, катта лейтенант Зуфар Куччиев билан Олмазор тумани, Қамарнисо кўчасида турган оқ рангли "Spark" машинасига давлат рақам белгисини тақаётган икки кишини кўришади.

Тегишли тартибдаги суриштирув чоғида ўзини шубҳали тутган, сўзлари телма-тескари ва ёлғон гаплари фош бўлган Олмазор туманида яшовчи бу икки фуқаро туман ИИБга олиб борилади. Бунинг яна бир сабаби бор эди: сўнги пайтларда “Spark” автомашинасида жиноят содир этиб, воқеа жойидан жуфтакни ростлаётган жиноятчилар қидирилаётганди.
Суриштирув-тергов жараёнларида топилган ашёвий далиллар, гувоҳлар асосли кўрсатмаларидан сўнг, икки “учар” йигит ўз айбини тан олди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, олиб борилган суриштирув-тергов ишлари давомида уларнинг бошқа кирдикорлари ҳам фош бўлди. Маълум бўлишича, уларга аввалги жиноятлари учун жазо берилган, бироқ бундан тегишли хулоса чиқаришмаган.