Ўзбекистон Британиянинг "Economist" журнали томонидан 2015 йил натижаларига кўра тузилган янги озиқ-овқат хавфсизлиги даражаси  рейтингида 9 поғонага кўтарилди. Бу рейтингга ҳаммаси бўлиб 109 давлат киритилган. Ўзбекистон рейтингдан 64-ўрин эгаллаб, ўтган йилги натижасини 9 пунктга яхшилади.

Барча давлатлар учта категория бўйича баҳоланди: озиқ-овқат билан таъминланганлик ва истеъмоли даражаси, уларнинг мавжудлиги ва етарлилиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлик даражаси. Бу мезонлардан ҳар бири 28 та турли кўрсаткични ўз ичига олиб, уларнинг қиймати икки йиллик давр давомида ўлчанган.

Ҳисоб-китоб қилишда халқаро ташкилотлар ва миллий институтлар маълумотларидан фойдаланилди. Давлатнинг рейтингдаги юқори позицияси унинг озиқ-овқат хавфсизлиги юқори даражада эканлигини билдиради.

Бу йили рейтингда ўтган йилдаги каби 1-ўринни АҚШ эгаллади. Етакчи ўнталикка Сингапур, Ирландия, Австрия, Нидерландия, Швейцария, Канада, Германия, Австралия киритилди.

МДҲ давлатларидан Россия 43-ўрин, Белоруссия – 44-ўрин, Қозоғистон – 56-ўрин, Украина – 59-ўрин, Тожикистон 88-ўрин эгаллади.

Бу рейтингнинг энг пастки поғоналарини Мадагаскар, Чад ва Бурунди давлатлари эгаллади.

Маълумот учун, озиқ-овқат хавфсизлиги индекси (The Global Food Security Index) Британиянинг "The Economist Intelligence Unit" таҳлилий компанияси томонидан АҚШнинг "Dupon" трансмиллий компанияси кўмагида чиқарилади. Тадқиқотлар 2012 йилдан бери олиб борилади. Бугунги кунда бу индекс ўзидан турли давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати кўрсаткичларининг энг тўлиқ шаклини намоён қилади.