Хитойда Ой тақвими бўйича Янги йил кириб келиши муносабати билан уюштирилган мушакбозлик оқибатида Пекинда заҳарли тутун ҳосил бўлди, деб хабар бермоқда Пекинни экологик мониторинг қилиш маркази ўз сайтида.

Марказ маълумотларига кўра, шаҳарнинг бир қатор ҳудудларида инсон соғлиғи учун хавфли бўлган қаттиқ зарралар миқдори бир куб метрга 750 микрограммни ташкил қилди, бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган меъёрдан 30 баробар кўпроқни ташкил қилади. Таъкидланишича, энг оғир вазият шаҳарнинг жанубий қисмида қайд этилган.  

Шаҳар маъмурияти болалар, кекса ва нафас йўли касалликларига эга бўлган одамларга кўчада кўп қолиб кетишдан сақланишни маслаҳат бермоқда. 

Аввалроқ Пекин ҳавонинг ифлосланишига қарши кураш учун 2,5 млрд доллар сарфлаши маълум қилинганди. 2015 йилнинг декабрида Пекинда кучли тутунланганлик туфайли тарихда иккинчи марта хавфлиликнинг энг юқори қизил даражаси эълон қилинганди.