Ўзбекистон халқ артисти, таниқли ҳофиз Шерали Жўраев болалигида отасининг ундови билан ўзини адабиёт илмига бағишлаши мумкин эди, аммо тақдир тақозоси билан мусиқа йўлини танлади. Бу ҳақда у “Бекажон” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Бундан ташқари, халқ ҳофизи унда адабиётга муҳаббат уйғотган шахс Алишер Навоий бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
“Мактабда ўқиб юрган йилларимда отам менга кўк рангли қаттиқ муқовали “Хамса” совға қилдилар,- эслайди Шерали Жўраев.- Китобнинг бир бетида достон матни,нариги бетида байтларнинг насрий баёни берилганди. Отам ошналари билан ош еб бўлгач, мени чақириб, “Хамса” ўқитарди. Сўзларни дона-дона қилиб, радиодаги сухандон акаларимизга ўхшатиб ўқиганим отамга ёқарди, шекилли, ҳар замонда “Шу ўғлим, Худо хоҳласа олим бўлади”, деб қўярди. Олим бўлиш-ку насиб этмади, аммо ҳазрат Навоийга муҳаббат бир умрлик ҳамроҳимга айланиб қолди”.