2 февраль куни бортдаги портлаш туфайли Сомалида фавқулодда қўнишга мажбур бўлган Daallo Airlines A321 самолётида портлашни содир этган террорчи аслида Тurkish Airlines авиакомпанияси рейсида учиши керак бўлган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.

Сомалидаги Daallo Airlines авиакомпанияси раҳбари Муҳаммад Ясиннинг маълум қилишича, ўша куни компания самолётига чиққан йўловчиларнинг аксари Turkish Airlines самолёти орқали учиши керак бўлган, лекин бу рейс ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қолдирилган.

"Бу йўловчи ҳам Turkish Airlines авиакомпанияси самолёти учун чипта олганди", дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Daallo Airlines авиакомпанияси йўловчи самолёти бортида рўй берган портлаш туфайли Сомали пойтахти Могадишода шошилинч қўнганди.

Бундан олдинроқ, портловчи мослама Сомали самолётининг бортига ноутбукда олиб кирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган аэропорт ходимлари қўлга олинган.