Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари яна бир бир чегара участкаси устида талашиб қолишди. Тожикистон матбуотида ёзилишича, мамлакат ҳудудида, чегара устида жойлашган уйларда Қирғизистон байроқларининг осилиши ихтилофни келтириб чиқарган.

“Сўғд вилояти чегара қўшинлари раҳбарияти Бобожон Ғафуров туманидаги Овчи-Қалачи тожик жамоати уйларида ўз байроқларини осиб қўйган қирғизистонлик чегарачиларнинг хатти-ҳаракатларини провокация деб баҳоламоқда”, - дейилади хабарларда.

Вилоят чегара қўшинлари бошқармаси бошлиғи генерал Муҳаммад Жаъфаровнинг таъкидлашича, воқеани ўрганиш мақсадида қирғизистонлик ҳамкасблар билан музокаралар олиб борилмоқда.

“Овчи-Қалачи қишлоғи Тожикистон ёки Қирғизистонга бутунлай тегишли эканлиги ҳозирча аниқлаштирилгани йўқ, - тан олди ҳарбий. – Шу боис улар, айтайлик, мактабда ўз байроқларини осиб қўйишлари мумкин эди. Биз бу саволга ҳанузгача жавоб ололмадик”.