Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олувчи Сожида исмли талаба фолбинлар жабрдийдасига айланди.

Уни кўчада бир фолбин аёл тўхтатиб, келажагидан фол очиб қўйишини айтади. Сожиданинг кўнглида қизиқиш уйғониб, рози бўлади. Фолчи аввалига хўп яхши “башорат”лар билан “сийлайди” ва кейинроқ унинг тақдирида “фалокат” борлигини айтади. Бундан чўчиб кетган қизга, истаса, бунинг олдини олиш учун ёрдам бериши мумкинлигини билдиради. Эвазига Сожиданинг қулоғидаги қиймати 700 минг сўмлик тилла зиракни сўрайди.

Қиздан зиракни олган аёл “уйи шу атрофдалигини, унга фалокатдан асрайдиган тумор тайёрлаб келгунича шу ерда кутиб туришини айтиб, жуфтакни ростлади”, деб ёзади “Огоҳ” газетаси.

Жиноят ҳақида Ички ишлар бўлимига етказилган хабардан сўнг, тезкор ходимлар фирибгар аёлни топиб, қўлга олишган.