Мир Алишер Навоий ҳазратларидан нафақат бетакрор ва бебаҳо ижод дурдоналари, балки Ватанни севиш ва ардоқлаш, юксак инсонпарварлик фазилатлари ҳам мерос бўлиб қолди.

Андижон вилоят Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида буюк аждодимиз таваллуд топган кун муносабати билан “Алишер Навоий ижодида Ватан мадҳи” деб номланган адабий-бадиий тадбир ташкил этилди.

Билим даргоҳининг иқтидорли ўқувчилари ғазал мулкининг султони, ҳазрат Навоий ижодидан намуналар ўқидилар. Коллеж ўқувчиларидан ташкил топган “Андижон зукколари” гуруҳи томонидан тайёрланган “Ватанни севишни Навоийдан ўрганайлик” деб номланувчи саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ўқувчилар театрлаштирилган кичик саҳна асари орқали халқ ва Ватанга, инсониятга хизмат қилиш каби фазилатларни намойиш қилиб бердилар.

Тадбир сўнгида сўз олган коллеж директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори, Ўзбекистон қаҳрамони Шукуржон Маматқулов Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун мамлакатимизда кенг нишонланаётгани жумладан вилоятда февраль ойини навоийхонлик ойлиги деб эълон қилинишининг мазмун моҳияти ҳақида гапириб ўтиб, ўқув даргоҳида “Аждодлар мероси – келажак пойдевори” шиори остида ўтказилган бадиий асарлар танлови ғолибига фаҳрий ёрлик топширди.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон