Ўзбек божхоначилари 2015 йилда 6051 дона беҳаё мазмундаги материалларнинг олиб ўтилишига чек қўйган

Ўзбекистон 09 Февраль 2016 6335

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси божхона ходимлари томонидан ўтган 2015 йил давомида аниқланган 226 та божхона қоидабузарлик ҳолатларида 6051 дона беҳаё мазмундаги материалларнинг олиб ўтилишига чек қўйилган. Ҳозирда республика барча божхона постларида мазкур йўналишда кўплаб чора-тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти, “Олот” чегара божхона комплекси орқали кириб келган юк автотрансопртининг ҳайдовчиси, эронлик Ж.Ҳолид (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг уяли телефон аппарати хотирасида порнографик, хусусан вояга етмаган шахслар иштирокидаги беҳаё мазмундаги 3651 дона фото суратлар ва 45 дона видеолавҳаларни Ўзбекистон Республикасига олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Мазкур комплекс ходимлари туркманистонлик Ж.Исматжоновнинг ҳам қўл телефони хотирасида порнографик мазмундаги 18 дона фото ва 134 дона видео лавҳаларнинг олиб кирилишига чек қўйишди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари томонидан ҳам шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.

Жумладан, “Челябинск-Тошкент” йўналишидаги поезд йўловчиси Б.Асилов қўл юклари орасидаги “Lenovo” номли ноутбук хотирасида 372 дона беҳаё мазмундаги суратларни яширин тарзда олиб киришга урингани фош этилди.

Худди шу йўналишда кириб келган поезднинг яна бир йўловчиси, россиялик С.Петровнинг мобил телефони хотирасида эса фаҳш тасвирланган 626 дона фото ва 14 дона видео материаллар борлиги аниқланди.

“Тошкент-Москва” йўловчи поезди билан юртимизга кириб келган сурхондарёлик А.Хидировнинг қўл юклари орасидаги 2 Тб хотирага эга бўлган ташки хотира қурилмаси(винчестр)да 121 та порнографик мазмундаги фотосуратлар ва видеороликлар борлиги маълум бўлди.
Ҳуқуқбузарлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Жумладан, Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона комплекси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикасидан кириб келган фуқаро А.Зуфарованинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, унга тегишли бўлган планшет хотирасида 57 дона беҳаёликни тарғиб қилувчи видеолавҳалар борлиги аниқланган.

Андижон аэропортида эса божхоначилар “Москва-Андижон” йўналиши бўйича учиб келган фуқаро К.Шодиевага тегишли мобиль телефонни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, телефон хотирасига беҳаёликни тарғиб этувчи видеороликлар жойланганлиги маъулм бўлди.
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан “Москва-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган Ф.Игорованинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 1 дона смартфон яширинча олиб ўтилаётганлиги аниқланган. Смартфон холислар иштирокида кўздан кечирилганда эса унинг хотирасида 109 дона беҳаё мазмундаги видеолавҳалар борлиги фош бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президантининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига порнографик материалларнинг олиб кирилиши таъқиқланган.

Кўпроқ янгиликлар