Охирги ойларда бир қатор Осиё давлатларида чўчқа гриппининг A(H1N1) деб номланган янги кўриниши авж олгани, бунинг оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани хусусида кўп ёзилди. Айрим ахборот каналлари ушбу вирус жаҳон аҳлига таҳдид солаётганини, пандемияга айланиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

Мана шундай ваҳимали гап-сўзлар фонида “Даракчи” мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика грипп маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Раҳимовга мурожаат қилди.

“...Бугунги кунда айрим хорижий нашрлар томонидан жар солинаётган янги вирус ҳақидаги маълумотлар нотўғри, - деб таъкидлади мутахассис. – Сабаби, кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу грипп алоҳида бир пандемия саналувчи ёки катта эпидемияга сабаб бўлувчи янги вирус эмас. Шунчаки ноўрин шовшувлар аҳоли орасида ваҳима тарқатмоқда. Ишонарли манбаларда бу грипп ҳеч қандай янги вирус эмаслиги аниқ асослаб берилмоқда”.

“2009 йилни эслаб кўринг: - сўзида давом этди шифокор, – ўшанда ҳақиқатан H1N1 номли янги вирус топилиб, пандемия бўлганди. Бу вирус дастлаб чўчқа организмида ривожланиб, кейин инсонга юққан ва бошқаларга ҳам ўтиб, тарқалиб кетган. Шунинг учун ҳам мазкур вирус аввалига чўчқа гриппи деб талқин этилган. Аммо кейинчалик Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу грипп вирусини пандемик H1N1 2009 деб атаган. Бу грипп вируси бир пайдо бўлиб, бир йўқолиб келган. Пандемиядан кейин ҳам айрим давлатларда учраб турган, яъни бутунлай йўқолиб кетмаган. Сўнгги икки йилда мазкур грипп билан зарарланиш жуда кам кузатилди. Жорий йил январь ойининг бошидан бошлаб айрим Европа давлатларида, Россия Федерациясининг баъзи ҳудудларида яна одатий мавсумий грипп сифатида тез-тез қайд этила бошлади. Барча мавсумий грипп касалликларининг орасида биз сўз юритаётган H1N1 вируси билан зарарланганлар сони бирмунча кўплиги ташвишлидир”.

Раҳимов “Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ” дея таъкидлади.

“Чўчқа гриппи ҳам ўша мавсумий грипп қаторида, аммо бу йил одатдагидан кўпроқ учраяпти, - тушунтирди у. – Шундай экан, яна бир янги чўчқа гриппи хавф солаяпти, деб сенсация кўтаришга ҳожат йўқ. Соҳа мутахассислари бу маълумотлар ҳақиқатдан йироқлигини аниқ асослаб беришмоқда”.

Мутахассис касалликка чалинганда кўриладиган чораларга ҳам тўхталиб ўтди:

“Грипп билан оғриганлар узоғи билан бир ёки икки ҳафта хасталаниши мумкин. Ана шу даврда бефарқ бўлмаслик керак. Гриппнинг энг муҳим – бошланғич даврида эътибор қаратмаслик унинг кучайишига сабаб бўлади ва бу хасталикка бошқа ёндош касалликлар ҳам қўшилиши мумкин, масалан, пневмония... Ана шундай вазиятда оддий грипп ҳам оғир кечиши мумкин. Касалликнинг бошланғич даврида беморлар аҳоли гавжум жойларда бўлмасликка ҳаракат қилиши лозим. Уй шароитида вирус юқтирганларни алоҳида ажратиш мақсадга мувофиқ. Юқори тана ҳарорати кузатилганда, шифокорни уйга чақириш лозим, улар эса беморни уйга келиб текшириши зарур. Ҳар қандай грипп вирус ҳаво-томчи орқали юқиши инобатга олган ҳолда гавжум жойларда оғиз, бурунга респиратор маска таққан ҳолда юриш тавсия этилади”.