Бундеслига вакили «Ҳоффенҳайм» жамоасига янги бош мураббий тайинланди. Жамоа ёшлари билан ишлаб келаётган 28 ёшли мутахассис Юлиан Нагельсманн бундан буён асосий жамоани бошқаради. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида хабар берилган.

Юлиан Нагельсманн билан 2019 йилнинг июнигача битим имзоланган. Аввалига унинг мавсум якунида тайинланиши режалаштирилганди. Аммо мавсум давомида истеъфога чиқарилган Маркус Гиздолнинг ўрнига олиб келинган Хуб Стивенс ҳам соғлиғи туфайли ишни давом эттира олмаслигини билдиргач, Нагельсманни режадагидан олдинроқ жамоа бош мураббийига айлантиришга қарор қилинган.

Шу тариқа, бу мутахассис бундеслига тарихига энг ёш бош мураббий сифатида кирадиган бўлди. Бунгача, Германия чемпионатидаги энг ёш бош мураббий сифатида Маттиас Заммернинг номи тилга олинарди. У 32 ёшида Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси бошқарувига келиб, 34 ёшида чемпионликка эришганди.

Маълумот учун, Нагелсман 2010 йилда, 23 ёшида жамоада иш бошлаганди.

Айни вақтда «Ҳоффенҳайм» 20 турдан кейин 14 очко билан турнир жадвалининг қуйи қисмида, 17 ўринни эгаллаб турибди.

"Ҳоффенҳайм" жамоасини кейинги мавсумдан бошлаб 28 ёшли мураббий бошқаради