АҚШ Федерал Қидирув бюроси агентлари Орегон штати ҳудудидаги қўриқхона биносига кириб олган қуролланган фермерлар билан музокара бошлади. Бу ҳақда The Oregonian нашри хабар берган.

Айни вақтда бино зирҳли машиналар билан ўраб олинган. Бино ичида Огайо, Невада ва Айдаҳо штатларидан бўлган қуролланган намойишчи фермерлар қолмоқда. ФҚБ ходимбари уларни қуролларни ташлаган ҳолда, қўл кўтариб, таслим бўлишга чақирмоқда.

Фермерлардан бири бироз олдинроқ, бинодан чиқиб кетган, лекин тезда ортига қайтганди.

2 январь куни фермер Кливен Банди ва унинг уч ўғли Орегондаги Малхер миллий қўриқхонасида бошқа тарафдорлари билан биргаликда намойиш бошлади. Улар ўрмонни ёққани учун айбланиб, ҳибсга олинган 2 фермер озод қилинишини талаб этишган. Уларнинг фикрича, бу фермерлар экин майдонлари учун янги ерлар очишга ҳаракат қилишганди.

27 январь куни махсус кучлар бинони қамал қилишди ва отишмалар чоғида фермерлардан бири Лаво Финик ҳалок бўлди. Шунингдек, Бандининг иккинчи ўғли Райан жароҳатланди. Унинг катта ўғли Аммон Банди ҳам бироз қаршилик кўрсатганидан кейин 8 нафар намойишчи билан биргаликда ҳибс қилинган.

Бироз олдинроқ, у ичкарида қолаётган фермерларни таслим бўлишга чақирди. Фермерлар эса ўзларига ҳеч қандай айблов эълон қилинмаслиги шарти билан қуролларини топширишлари мумкинлигини билдиришган.