Facebook компанияси асосчиси Марк Цукерберг 10 февралда компания директорлар кенгаши аъзоларидан бири Марк Андриссеннинг Ҳиндистоннинг Британия томонидан мустамлака қилинишини оқлашга уринишини қоралади. Цукербергнинг айтишича, "бундай фикрлар ранжитади ҳамда унинг ва Facebook’нинг қарашларини намоён қилмайди".

Цукербергнинг айтишича, у бир неча бор Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган ва "унинг тарихи ва маданиятини англаш зарурлигини чуқур англаган".

Муҳандис, сармоячи ва тадбиркор Андриссен Ҳиндистоннинг мустамлака ўтмишини билвосита қўллаб-қувватлагани интернет фойдаланувчиларининг аччиғини келтирди. Бу вазиятда Андриссен Facebook раҳбариятини Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилишда мустамлакачилик билан ёндашиш таъналаридан ҳимоя қилмоқчи бўлган. "Кўплаб йиллар давомида мустамлакачиликка қарши бўлиш ҳинд халқига иқтисодий фалокат олиб келган. Унда ҳозир тўхташнинг нима кераги бор?", деб ёзган Андриссен твиттерда.

Бу баҳс Ҳиндистон раҳбариятининг смартфонлар учун Facebook дастури орқали бир қатор сайтларга бепул киришни вақтинчалик блоклашга қарор қилгани сабабли юзага келган. Гап Цукербергнинг шахсий лойиҳаси "Free Basics" ("Бепул асослар") ҳақида кетмоқда, бу лойиҳа 35 дан кўпроқ ривожланаётган давлатларнинг ночор аҳоли қатламлари учун мўлжалланган. Дастур Facebook мобиль дастури орқали фойдаланувчиларга қўшимча сарф-харажатларсиз чекланган миқдордаги сайтларга кириш, мессенжерлардан фойдаланишга имкон беради. Ҳиндистон ҳукумати Цукербергнинг лойиҳаси "тармоқ даҳлсизлиги" ғояси, яъни тармоқ маълумотларини бир хил қайта ишлаш ва тарифларга ягона ёндашув тамойилини бузади, деб ҳисобламоқдалар.