Ўзбекистон делегациясининг Австрияга 2016 йил 24-27 январдаги сафари доирасида Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австриянинг Атроф-муҳит қўмитаси билан ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланди.

Ҳужжат томонларнинг илғор технологиялар ва тажрибалар билан алмашиш, ходимлар салоҳиятини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш меъёрлари ва стандартларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлигини назарда тутади.

Ушбу ташрифнинг яна бир аҳамиятга эга натижаларидан бири бу Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австриянинг Eco World Styria Umwelttechnik Cluster GmbH кластери билан Ҳамжиҳатлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши бўлди.

Меморандумга кўра чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича лойиҳалар ва дастурлар, тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, оқова сувларни тозалаш, муқобил энергетиканинг янги технологиялари татбиқ қилинади.

Eco World Styria кластери – АҚШнинг Калифорния штатидаги Кремний водийсига ўхшаш "Яшил технологиялар водийси" бўлиб, бу ерда экологик ва энергетик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи кўп миқдорда инновацион компаниялар жойлашган. Бугунги кунда кластер корхоналарининг умумий обороти йилига 8,5 млрд еврони ташкил қилади.