Top Gear автомобиль шоуси муаллифлари дастурнинг янгича кўриниши бошловчилари билан таништириб ўтди. Крис Эванс , Мэтт Леблан ва Стиг сафига яна тўрт нафар одам келиб қўшилади, дея хабар бермоқда Top Gear расмий сайти.

Top Gear бошловчилари сафига ирландиялик 67 ёшли Эдди Жордан келиб қўшилган.

Олдин у ВВС телеканалида Формула-1 мусобақалари бўйича эксперт сифатида ишлаган.

Янгича талқиндаги Top Gear шоусининг яна бир бошловчиси 46 ёшли германиялик пойгачи Сабина Шмиц бўлиб, у 24 соатли Нюрбургрингда бўлиб ўтадиган пойгалар иштирокчиси саналади. 1996 ва 1997 йилларда у мазкур пойгаларнинг умумий натижаларига кўра ғалаба қозонган.

Top Gear шоусиининг яна 2 нафар янги бошловчилари автомобил-журналистлар Крис Харрис ва Рори Рид бўлишади. Харрис Autocar ва Evo журналларида ишлаган, шунингдек у Drive‘нинг YouTube‘даги каналида чиқишлар қилиб турган. Рид эса Recombu нашри бош муҳаррири бўлган ва Sky 1 телеканалидаги Gadget Geeks шоуси бошловчиси сифатида фаолият кўрсатган.

Маълумот учун, Top Gear кўрсатувининг олдинги кўринишида уч нафар бошловчи: Жереми Кларксон, Жеймс Мэй ва Ричард Ҳаммонд ишлаганди. 2015 йилнинг баҳорида продюсер билан келишмовчилик натижасида Кларксон ишдан четлатилганди. Ҳозирда бу учлик Amazon телеканалидаги янги авто-шоуда фаолият кўрсатмоқда.