Мамлакатимизда «Соғлом она-соғлом бола» тамойили асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб аталиши ҳам бу ишларни узвий давоми бўлди.
Айни пайтда жами 185 стационар ўринга мўлжаллаб қайта реконструкция қилинган Жиззах вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 9 та бўлим фаолият юритмоқда. Яқинда янги 20 ўринли чақалоқлар бўлими ташкил этилди. У ерга Германия билан ҳамкорликда энг сўнгги замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди.


Эътиборлиси марказнинг “Чақалоқлар ва реанимация” бўлимида энг сўнгги русумдаги мосламалар шифокорларга яқинда ёрдамчи бўлиб келмоқда. Ушбу мосламаларнинг ичида эрта туғилган чақалоқларни сақлайдиган мослама “Кувез” кўплаб эрта туғилган болаларни ҳаётга қайтармоқда.


“Кувез” франсузча сўз бўлиб инкубатор деган маънони англатади. Ушбу мослама муддатидан олдин туғилган чақалоқларни сақлаш учун ишлатилади. Унинг ичидаги муҳит она қорнидаги муҳитни таъминлаб беради. Мослама ичидаги ҳарорат 33 дан 38 градусгача иссиқликни бериб, ҳаво намлиги 85 дан 100 фоизгача, кисларод эса 33-60 фоиз атрофида бўлади. Мослама ичида гудакни устида хечқандай мато, кийим бўлмайди. Бола парваришини мосламага ўрнатилган махсус жиҳозлар кузатиб боради. “Кувез”га асосан 1,5 киллограмдан кам бўлган чақалоқлар сақланади. Агарда бола 1000 грам туғилган бўлса мосламадаги ҳарорат 40-45 градусгача кўтарилади.
Шунингдек, бўлимда чақалоқларга суний нафас бериш мосламалари ҳам бўлиб, кўплаб гудакларни ҳаётга қайтармоқда.
-2015 йилда бўлимимиз вилоят бўйича 2868 нафар чақалоқларни дардига даво бўлиб, уларни ҳаётга қайтардик,- дейди бўлим бошлиғи Ғолиб Бегматов.

Жиззахдан “Kun.uz” мухбири
Акмал Бинокулов