"Боко Ҳарам" террорчилик гуруҳи жангарилари теракт амалга ошириш учун юборган ўсмир қиз ўзини портлатмасликка қарор қилди ва ҳукумат кучларига таслим бўлди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Маҳаллий ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари вакилларининг айтишича, жангарилар қизга ўзини одамлар билан гавжум жойда портлатиш ҳақида кўрсатма беришган. Бироқ қўрқиб кетган қиз ўзидаги портловчи модда бўлган камарни ечиб, кўнгилли аскарларга таслим бўлган. Кейинроқ қиз аскарларга ташлаб юборган портловчи моддани кўрсатган.

Маълум қилинишича, қиз террорчилик гуруҳи томонидан режалаштирилаётган янги терактлар ҳақида маълумот берган. Жумладан, қиз уни яна икки қиз билан ўлимга юборишганини айтган. Бошқа икки қиз ўзини портлатиши оқибатида 60 га яқин одам ҳалок бўлган.