Чехиялик биатлончи Габриэла Соукалова жаҳон кубогининг саккизинчи босқичи бўлиб ўтаётган Американинг Преск-Айл ҳудуди борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бу ерда Жаҳон чемпионати босқичи ўтказилмаслиги керак. Очиғини айтсам, IBU нима сабабдан айнан шу ерда мусобақани ўтказишга қарор қилганини тушунмадим. Маҳаллий аҳоли ҳақида ҳеч қандай ёмон гап айтиб бўлмайди: улар жуда хушчақчақ ва ҳар доим сизга кўмак беришга интилишади. Бироқ бу ердаги шароит жуда ва жуда ёмон.

Калгаридан мураккаб парвоз, қўрқинчли шароитдаги хоналар, ноқулай инфратузилма, жуда қисқа трасса. Мен шикоят қилишни ёқтирадиганлар сирасига кирмайман. Умуман менга юлдузли ёруғ осмон остида чодир қуриб ётиш ҳам етарли. Бироқ бу ерда ҳаттоки ухлашга ҳам қўрқяпман.

Менга жуда ифлос, тутун бўлиб ётган хона беришди. Бу ерга келганимда икки соат вақтим чангларни тозалаш ва мебелларни артишга кетди. Ҳеч бўлмаса ваннага тушиш учун қулайроқ шароит яратиб олишимга шунча вақт сарфладим. Хонамга яқин жойга иситиш тизими насоси ўрнатилган. У бутун тун давомида ёқимсиз овози билан дам олишга халақит беради. Ҳаттоки қулоқчинлар ҳам менга ёрдам бера олмаяпти.

Мен буларнинг ҳаммасидан чарчадим, хафа бўлдим, ҳаттоки бироз асабийлашдим. Биз ҳаммамиз профессионал бўлишга ўз ишимизни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз ва шунинг учун Преск-Айлга келдик. Илгари АҚШ ҳақида фикрим бошқача эди», – дея таъкидлади умумий рейтингда етакчилик қилаётган Соукалова.