Энди зарур дори воситаларини расмийлаштирмай ҳам олиб ўтиш мумкин

Жамият 12 Февраль 2016 4745

Янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг “Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқиш”, деб номланган 25-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига зарурий дори воситаларини расмийлаштирмай олиб ўтиш мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева “Даракчи” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

“Масалан, буйрак трансплантациясини Ҳиндистонда ўтказиб келган беморларимиз қўйилган тана аъзоси кейинчалик “ажралиб” (“отторжение”) кетмаслиги учун умрбод иммунитетни пасайтирувчи махсус дори воситаларини истеъмол қилиб юришлари керак. Ёки юрак томирларини алмаштирган, яъни “шунтлаштирган” беморлар доимий қонни суюлтирувчи варфарин, плавикс деган таблеткаларни ичиб туриш керак”, дейди М.Хўжаева. Қонуннинг ушбу моддаси айнан шундай ҳолатлар учун.

Янги таҳрирдаги қонунга биноан, дори воситалари ва тиббий буюмларни расмийлаштирмасдан олиб киришга қуйидаги ҳолатларда йўл қўйилади.

- Мамлакатда бўлиш даврида жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ҳудудидан ташқарида яшаб турган беморни даволаш-профилактика муассасаси томонидан тасдиқланган тиббий кўрсатма асосида, даволаш курси доирасида даволаш учун мўлжалланган бўлса;

- Дипломатик ваколатхоналарнинг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан, улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган бўлса.

Кўпроқ янгиликлар