Сурияни қўллаб-қувватлаш халқаро гуруҳига аъзо давлатларнинг Мюнхендаги учрашувида қамал шароитларида яшаётган сурияликларга шошилинч равишда инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга келишиб олишди.

Бундай ёрдамлар қуруқлик ва ҳаводан шу ҳафтанинг ўзида етказиб берила бошлаши айтилган.

Учрашувда Россия, АҚШ, Миср, Хитой, Германия, Франция, Буюк Британия, Ироқ, Эрон, Италия, Иордания, Қатар, Ливан, Уммон, Саудия Арабистони, Туркия, БАА ҳамда Евроиттифоқ, БМТ ва Араб давлатлари лигаси вакиллари иштирок этди. Уларнинг асосий вазифаси 3 февраль куни тўхтатиб қўйилган Сурия бўйича музокараларни тиклашдан иборат бўлди.

Иштирокчилар Суриянинг барча ҳудудларида ўз таъсиридан фойдаланган ҳолда инсонпарварлик юкларининг керакли жойга етиб боришини таъминлашни зиммасига олган.

Музокара иштирокчилари инсонпарварлик ёрдамлари барча томонга тенг тақсимланиши, бунда БМТ Хавфсизлик кенгаши ва халқаро инсон ҳуқуқлари резолюциялари бўйича иш тутилишига келишиб олишган.

Бундан олдинроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мюнхендаги музокараларда Сурияда бир ҳафта ичида ўт очишни тўхтатишга келишиб олингани ҳақида маълум қилганди.